Дуч келган инсондан мия неча фоиз ишлаши ҳақида сўраб кўринг. Катта эҳтимоллик билан 10 фоиз деган жавоб оласиз. Аслида-чи?
«Инсон миясини фақат 10 фоизини ишлата олади», – деган афсона хатолиги аллақачон айтилган бўлсада, омма орасида ҳалигача машҳур. Нима эмиш одам миясини 100 ишлатса, ғайриоддий ишларни, масалан, уча олишни эплармиш.
Энди бу афсонанинг келиб чиқиши ҳақида қисқача айтсам, 1890-йилларда психолог Уилям Жеймс маърузада йиғилган талабаларга "Одамлар ўз ақлий имкониятларининг оз қисмидан фойдаланадилар" деб айтади. Қайсидир маънода бу ҳақ гап.
1936-йилда америкалик ёзувчи ва телебошловчи Лоуэлл Томас бу ғояни оммалаштиради. Дейл Карнегининг "Дўст орттириш ва одамларга таъсир кўрсата олиш" китобининг сўзбошисида Л.Томас 10 фоиз деб аниқ фоизни кўрсатади. (Лекин ўзбекча таржимасида фоиз йўқ экан, эҳтимол афсона хатолиги айтилгач олиб ташланган бўлса керак). Ва шу тарзда афсона "бузуқ телефон" таъсирида ҳалигача одамлар онгида юриб келмоқда. Бу ғоядан баъзи бир фантаст-ёзувчилар ҳам илҳомланишиб ўз китобларида ҳам фойдаланишади.
Филолог Элдар Асанов бир постларида "оммага олиб чиқилган илмий масала илмийлигини йўқотади, сиёсийлашади, ижтимоийлашади, маданийлашади" деб ёзган эдилар. Ва бу жуда тўғри айтилган гап.
Энди мияга қайтадиган бўлсак, мия тўлиқ ишлайди. Ҳеч қанақасига 10 фоиз ёки ундан кам ишламайди. Чунки оддий мия шикастланиши ҳам сезиларли муаммоларга олиб келади.
Шу учун ўқиган, эшитган маълумотингизга кўр-кўрона ишониб кетмасдан ҳар доим текширинг. Соҳа мутахассисларни эшитинг. Имкон қадар билимни биринчи қўлдан олишга ҳаракат қилинг.